ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ўзбекистон Уганда билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Уганда Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 145-давлат бўлди.
Жорий йилнинг 18 январь куни Кампала шаҳрида (Уганда) Ўзбекистон ва Уганда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва Уганда ташқи ишлар вазири Жеже Одонго имзолади.
Суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.
Уганда ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор йўналиш этиб белгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ҳамда президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро миқёсда илгари сурилаётган ташаббусларни расмий Кампалада юқори баҳолашларини таъкидлади.