ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Қонунда интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган миллий қонунчиликнинг қатор нормаларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш мақсадида “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
© Сенат Олий Мажлиса
Хусусан, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш йиллар давомида саноат ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган ихтироларни ёки фойдали моделларни амалиётга жорий қилинишини таъминлашга, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва бозорни тўлдиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитининг яратилиши кўзда тутилган.
Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилиниб, бу билан бозорда рақобат муҳитини юзага келишига замин яратилмоқда.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ҳам Жаҳон савдо ташкилоти битимларидан келиб чиқиб, қўшимча меъёрлар киритилаётган бўлиб, унга кўра фармацевтика соҳасига клиник тадқиқотлардан олдинги ва клиник тадқиқотлар натижалари бўйича олинган маълумотларни самарали ҳимоя қилиш механизмини жорий қилиш орқали оригинал дори воситалар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда.
Национальные правовые нормы гармонизируются с соглашениями Всемирной торговой организации
© Сенат Олий Мажлиса
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга хорижий инвестицияли ҳамда маҳаллий корхоналарга бир хилда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга қаратилган ўзгатиришлар киритилмоқда. Яъни чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 1 баробаригача туширилмоқда.
Қонунда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун патент беришга, расмий экспертиза ўтказишга ва маълумотларни эълон қилишга талабнома бериш учун давлат божлари миқдорлари Интеллектуал мулкнинг савдо жиҳатлари бўйича ЖСТ битими талабларига уйғунлаштирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимлари талабларига мувофиқлаштириш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг жадаллашишига ҳамда интеллектуал мулк объектларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий инвесторларга бир хил шарт-шароитлар ҳамда тенг рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг сенаторлар ушбу Қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.