ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Давос форумида Украинадаги можаро ҳақида бир неча бор ёлғон гапирди, деб хабар берди америкалик журналист Натали Моррис Redacted шоуси эфирида.
“Бу ҳафта Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида биринчи рақамли ёлғончи НАТО раҳбари Столтенберг бўлди”, - деди бошловчи.
Журналист НАТО бош котибининг Украинадаги можаро ҳақидаги нутқида топилган учта ёлғон баёнотни санаб ўтди.
Биринчидан, унинг тушунтиришича, Столтенберг Россия иқтисодиёти Ғарб санкциялари остида "азоб чекмоқда", дея нотўғри гапирди. Морриснинг сўзларига кўра, 2023 йил охирида Россия ялпи ички маҳсулоти Ғарб таҳлилчилари прогнозларидан ошиб, 3,5 фоиз ўсишни кўрсатди.
Иккинчидан, НАТО бош котибининг таъкидлашича, Россиянинг махсус ҳарбий операциядаги йўқотишлари Украинаникидан кўп. Журналист Ғарб расмийига Украина Қуролли кучлари аскарларининг ўртача ёши 43 ёшни ташкил этишини эслатди, чунки Украинада ёшлар аллақачон ҳалок бўлган. Киев ҳатто университетларни ёпишга мажбур, чунки уларга бориши мумкин бўлганлар ўлган, дейди Моррис.
Учинчидан, Столтенберг Украинада тинчликка фақат Украина Қуролли кучларига янги қурол етказиб бериш орқали эришиш мумкин, деб ҳисоблайди.
“Бу шундай аҳмоқликки, ёлғон қаерда эканлигини тушунтиришга ҳожат ҳам йўқ. Биз ҳали бундай таъсирни кўрмадик, аммо махсус операция икки йилдан бери давом этмоқда", - дея изоҳ берди журналист бош котибнинг сўзларига.
Сешанба куни НАТО бош котиби Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида нутқ сўзлади. Расмий нутқининг асосий мавзуси Украинадаги можаро эди. Столтенбергнинг сўзларига кўра, Киев учун жанг майдонидаги вазият ниҳоятда оғирлашган. Бош котиб Украина Қуролли Кучларининг ёзги қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учрагани ва Россия армиясининг фаол ҳужумкор операцияларига эътибор қаратди.