ТОШКEНТ, 18 янв – Sputnik. Эроннинг Покистон билан чегарасида жойлашган Серавон вилоятининг бир неча ҳудудида портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда “Mehr” агентлиги вилоят губернаторининг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича ўринбосари Алиризо Марҳамати сўзларига таяниб хабар берди.
"Сераван атрофидаги ҳудудларда бир нечта портлашлар овози эшитилди", – деди Марҳамати.
“Франсе Пресс” хабарига кўра, Покистон ҳарбийлари қўшни давлат ҳудудидаги “анти-Покистон гуруҳлари”га зарба берган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон суверенитетини ҳурмат қилишини, ҳужумдан мақсад эса ўз хавфсизлигини таъминлаш эканини билдирган.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси сешанба куни Покистоннинг Эрон билан чегарадош Белужистон вилоятида жойлашган “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва дронлар ёрдамида зарба берилганини эълон қилди.
Исломобод Теҳрон ҳужумини кескин қоралади ва чоршанба куни у ердан ўз элчисини чақириб олди. Шунингдек, Эрон дипломатик миссияси раҳбари ҳозирча Покистондаги фаолиятини давом эттира олмаслигини маълум қилган.