ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Кувайтлик тадбиркорлар Фарғонада янги лойиҳа бошлашди, ҳамкорликнинг дастлабки босқичи тиббиёт соҳасида. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Кувайтнинг “Gulf Care General Trade” ҳамда “Energy Solutions” компаниялари бошқарув кенгаши раиси Эйад ал-Салеҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
© Хокимият Ферганской области
“Кувайтлик тадбиркор Фарғона вилоятида яқин вақтлар ичида давлат тиббиёт муассасаси учун диагностика-лабораториясини ташкил этиш ва жиҳозлаш лойиҳасини беғараз амалга ошириш истаги борлигини маълум қилди. Лойиҳа учун республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази Фарғона вилояти филиалида бино ажратиладиган бўлди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, кувайтлик инвестор Фарғонада йирик ипакни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириб, ипак матолари ва маҳсулотларининг экспортини йўлга қўймоқчи эканлигини маълум қилди.
"Унинг ипакчилик, заргарлик, тоғ-кон саноати каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириши учун вилоятда барча имкониятлар яратиб берилади", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, шейх Эйад ал-Салеҳ нефт ва газ, энергетика, тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, ипакчилик, тоғ-кон саноати, металлургия йўналишларида дунёнинг турли давлатларидаги 20 га яқин компаниянинг соҳиби саналади.
Унинг компаниялари негизидаги клиникаларнинг юқори малакали шифокорлари 8 кун давомида Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 28 та юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётлари, шу жумладан, интервенцион кардиологик амалиётларни бепул ўтказишди.