ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Хитой компанияси Оҳангаронда желатин ишлаб чиқариш корхонасини қурмоқда, дея хабар берди “Ўзчармсаноат” уюшмаси.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев Хитойнинг “Profit Max Plus” компанияси раҳбари Ли Ҳонг Чанг бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Қайд этилишича, хитойлик инвестор Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган эркин иқтисодий зонада желатин ишлаб чиқаришга ихтисослашган инвест лойиҳани амалга оширмоқда. Унинг умумий қиймати 8 млн долларга тенг.
“Шу кунга қадар лойиҳанинг 60 фоиз қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етди. 2,5 гектар ер майдонида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг ишга тушиши билан ойига 600 тонна желатин ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Лойиҳа 2024 йилнинг 3-чорагида ишга тушиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Учрашувда лойиҳа ишга тушиши билан хом ашёни йиғиш, тўплаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Хитой томони Ўзбекистонда яна иккита инвест лойиҳани амалга оширишга қаратилган бизнес ташаббуслар билан ўртоқлашди.