Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси "Эронга қарши гуруҳлар"га зарба берилганини эълон қилди

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ироқнинг Эрбил шаҳрида Эронга қарши гуруҳларнинг базалари йўқ қилинганини эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИИҚК, қуролли кучларнинг элита бўлинмалари) Ироқнинг Эрбил шаҳрига ракета ҳужумлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, Эронга қарши террорчи гуруҳларнинг базалари йўқ қилинди. Бу ҳақда ЭИИҚК баёнотида маълум қилинди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Аввалроқ Ироқ хавфсизлик идораларидаги манба сешанбага ўтар кечаси Ироқ Курдистони пойтахти Эрбилда, АҚШ консуллиги ва халқаро аэропорт ҳудудида содир бўлган бир нечта портлашлар ҳақида РИА Новости агентлигига маълум қилганди.
“Эрон душманларининг яқинда амалга оширилган террорчилик ҳужумларига жавобан Яқин Шарқ минтақасидаги баъзи ҳудудларда Эронга қарши террорчи гуруҳларнинг жосуслик штаб-квартираси ва душман штаб-квартираси ЭИИҚК баллистик ракеталари билан ўққа тутилди”, — дейилади хабарда.
ЭИИҚК маълумотларига кўра, Исроил ташқи разведка хизмати “Моссад”нинг Ироқ Курдистонидаги асосий қароргоҳларидан бирида баллистик ракеталар учирилган, натижада у йўқ қилинган. У ерда махсус операциялар тайёрланаётган эди ва Яқин Шарқда, хусусан, Эронда терактлар режалаштирилган.