Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ўзбекистон Россия-Беларусь чегарасидаги чекловлар юзасидан музокаралар олиб бормоқда

Россия Федерацияси томонидан юк машиналарининг Россия ва Беларусь чегарасидан ўтишида янги тартиб жорий этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистон Россия-Беларусь чегарасидаги юк машиналари билан боғлиқ вазият юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Шу йилнинг январь ойидан бошлаб, Беларусь-Россия чегарасидаги “Красная горка”, “Рудня”, “Красный камень” назорат пунктларидан учинчи давлат фуқароларининг ўтиши чекланди.

“Янги тартибнинг жорий этилиши ортидан учинчи давлат, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари бошқарувида бўлган юк машиналарининг Россия-Беларусь чегарасида тўпланиб қолиш ҳолати кузатилди. Юзага келган мазкур ҳолат Ўзбекистон ва Беларусь Республикаси ҳамда Россия Федерацияси транспорт вазирликлари раҳбарияти даражасида муҳокама этилди”, — дейилади хабарда.

Хабарда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбарияти томонидан ушбу ҳолатда миллий ташувчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда Ҳукумат даражасида ечим топиш юзасидан дипломатик каналлар орқали музокаралар олиб борилаётганлигини маълум қилинди.
Янги тартибга мувофиқ икки давлат чегарасидан фақат Россия ва Беларусь фуқаролари эркин ўтиши (кириш ва чиқиш) мумкин. Ушбу тартиб автотранспортда халқаро юк ташувларини амалга ошираётган ҳайдовчиларга ҳам тегишли.
Учинчи давлат (шу жумладан, ЕОИИга аъзо давлатлар) фуқаролари бўлган халқаро юк ташувлари фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар Россия Федерациясига кириши ва мамлакатни фақат халқаро чегара-назорат пунктлари орқали тарк этиши мумкин.