Трамп учинчи жаҳон уруши “яқин” эканини маълум қилди

Трамп: дунё ҳеч қачон учинчи жаҳон уруши бошланишига бу қадар яқин бўлмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Айова штатида ўз тарафдорлари олдида чиқишида дунё ҳеч қачон учинчи жаҳон уруши бошланишига бу қадар яқин бўлмаганини айтди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Менимча, биз ҳеч қачон ҳозиргидек учинчи жаҳон уруши хавфига дуч келганмиз. Мен ҳар бир чиқишимда айтганимдек, учинчи жаҳон урушининг олдини оламан, мен бу одамларнинг ҳаммасини биламан”, — деди у.
Сиёсатчига кўра, АҚШ Жо Байден бошқаруви остида дунё саҳнасида фикри инобатга олинмайдиган "заиф ва самарасиз давлат"га айланди.
“Байден ниҳоятда қобилиятсиз. У фақат сайловларда алдашни билади. Улар (демократлар) сайлов натижаларини сохталаштиришда, шунингдек, сиёсий рақибларини таъқиб қилишда ҳам зўр. Улар бошқа ҳеч нарсани билмайди”, — дея таъкидлади АҚШнинг собиқ президенти.
Трамп учинчи жаҳон уруши, агар у бошланса, икки рақибнинг армиялари ва ҳарбий техникаси ўртасидаги одатий жанг майдони бўлмайди, деган даъвони билдирди.
“Бу Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушлари билан бир хил эмас. Улар даҳшатли эди, лекин бу анча катта бўлади, бу йўқ қилиш бўлади ", — дея қўшимча қилди сиёсатчи.
Украинадаги можарога чек қўйиш ва музокараларни бошлашнинг ягона йўли — молиялаштиришни қисқартириш, бу фикрни АҚШнинг собиқ президентнинг ўғли кичик Дональд Трамп Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида билдирди.