“Улар йўқолди”. Францияда Украина ҳақида даҳшатли баёнот берилди

Филиппо Украинада Америка қуроллари йўқолганини ва бу Францияни ҳам Киев режимини қўллаб-қувватлашдан воз кечишга ундаши кераклигини қўшимча қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. АҚШ қурол-яроғларни ҳисобга олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли Киевга ҳар қандай кейинги ёрдамни беришдан бош тортади, деб ёзди Франциянинг “Патриотлар” партияси етакчиси Флориан Филиппо Х ижтимоий тармоғида.
Шу ҳафта АҚШ Мудофаа вазирлиги инспектори Роберт Сторч ўз ҳисоботида Пентагон Украинага қурол-яроғ етказиб берилишини тўғри назорат қилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, жами 1,699 миллиард долларлик қуролдан қарийб бир миллиард долларлик қурол-яроғлар ҳисобсиз қолмоқда.
“Бу Конгрессни Украинага қурол етказиб беришдан бош тортишга ундайди, айниқса бу давлат жуда коррупциялашган!” — деб ёзган сиёсатчи.
Филиппо шунингдек, Украинада Америка қуроллари йўқолганини ва бу Францияни ҳам Киев режимини қўллаб-қувватлашдан воз кечишга ундаши кераклигини қўшимча қилди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Европа Иттифоқи Украинага ёрдам бериш учун ажратаётган пуллар яратилишга эмас, балки урушга кетмоқда ва Киевда коррупция даражаси тобора ортиб бормоқда.
Politico нашрига кўра, Оқ уй Украинадаги коррупция муаммосидан жамоатчилик даражасида тан олганидан кўра кўпроқ ташвишланмоқда. Бундан ташқари, Литва президенти Гитанас Науседа Украинадаги коррупция можаролари Ғарб давлатларининг Украина Қуролли кучларига қурол етказиб бериш қарорига таъсир қилишини айтди.