ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилди.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу йўналишдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
“Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, – деди президент.
Шу муносабат билан давлат раҳбари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Ҳозирги кунда Қуролли Кучларнинг замонавий инфратузилмаси негизида ва мономарказларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган. Давлат раҳбари бу йўналишдаги тадбирларни кенгайтириб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Мажлисда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Олий Бош Қўмондон жанговар тайёргарлик тизимини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳарбий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.
Бу борада Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Миллий армия ва халқ ўртасида киберхавфсизлик борасидаги огоҳликни ва рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат мудофаа саноати мажмуасини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳам долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Президент ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолишини қайд этди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари барча ҳарбийларни, бутун халқни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.