ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.
Шунга кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига қуйидагилар киритилди:
ун;
шакар;
дори воситалари ва тиббий хизматлар.
Бунда қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ойига БҲМнинг 10 бараваригача бўлган харидлар суммаси доирасида амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига киритилган ўзгартиришга кўра:
Жисмоний шахслар томонидан бир ой давомида сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг БҲМнинг 60 бараваридан ошмаган қисмидан 1 фоизи уларнинг фискал белгили чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилиши белгиланди.
Илгари маълум бир қиймат белгиланмаган эди.