ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Қатар компанияси Тошкентда кўп тармоқли шифохона қуриш ишларини бошламоқда, деб ёзади "Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Дохадаги элчихонаси ходимлари Қатарнинг "Elegancia Healthcare" компанияси тижорат ишлари бўйича бош директори Десмонд Донелли билан музокара ўтказишди. Мулоқот чоғида Қатарнинг мазкур компанияси иштирокида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Қатар томони Тошкент шаҳрида 300 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида барпо этиш бўйича бирламчи ҳужжатларни жорий январь ойи охирига қадар якунланишини, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари эса март ойида ишлаб чиқилиши бошланишини маълум қилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида "Elegancia Healthcare" компаниясига тўрт нафар ўзбек мутахассислари ишга қабул қилиниши таъкидланди.
Шунингдек, "Elegancia Healthcare" компаниясининг "The View Hospital", " Military Medical City" ва "Hopital Algero Qatari Alleman" клиникаларида ўзбекистонлик инглиз тилида эркин сўзлаша оладиган шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.