ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Эквадор президенти Даниел Нобоа турли шаҳарларда гаровга олиш билан боғлиқ тартибсизликлар фонида мамлакатда ички қуролли можаро режимини жорий қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“Мен ички қуролли можарони эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзоладим ва қуйидаги номиллий уюшган жиноий гуруҳларни террорчи ташкилотлар ва уруш олиб бораётган нодавлат субъектлар деб белгиладим...” – деб ёзган Нобоа ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Ҳужжатда давлат раҳбари 20 дан ортиқ гуруҳ ва ташкилотларни санаб ўтди. У ҳарбий операция доирасида уларнинг иштирокчиларини зарарсизлантиришни буюрди.
Сешанба куни ниқобли номаълум кишилар совуқ ва ўқотар қуроллар билан Гуаякилдаги ТС телеканалининг студиясига бостириб киришди. Жонли эфир пайтида бандитлар бошловчининг кўйлаги чўнтагига динамит таёқ солиб, "полиция йўқ бўлсин" деб қичқиришган. Полиция махсус кучларни студияга юборган, кейинроқ бир неча босқинчилар қўлга олингани ва одамлар эвакуация қилингани ҳақида хабар берган. Прокуратура маълумотларига кўра, ҳужумчилар террорчиликда айбланади.
Айни пайтда, Гуаякилда мамлакат қамоқхоналарини қайта ташкил этиш билан боғлиқ тартибсизликлар давом этмоқда.
Бир кун аввал Нобоа қамоқхонадаги тартибсизликлар ва энг йирик жиноий гуруҳ раҳбари қочиб кетганидан сўнг, қуролли кучларни жазони ижро этиш тизими устидан назоратни тиклашга жалб қилиш мақсадида 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Эквадор ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари мамлакат шаҳарларида тартибсизликлар тўлқинини келтириб чиқарди – 9 январга ўтар кечаси жиноятчилар автомобиль ва автобусларни ёқиб юбора бошлади, Гуаякилда қўлбола портловчи қурилмалар ишга туширилди. Полиция маълум қилишича, номаълум босқинчилар Кито ва жануби-ғарбий Мачала шаҳрида 24 соатдан камроқ вақт ичида етти нафар полициячини ўғирлаб кетишган. Қамоқхона хизмати маълумотларига кўра, жиноятчилар қамоқхоналарда 125 нафар хавфсизлик ходими ва 14 нафар маъмурий ходимни гаровда ушлаб турибди.
Эквадор пойтахти Кито ҳукумати тартибсизликлар бошланганидан кейин хавфсизлик чораларини кучайтирди ва мамлакат ҳукуматини стратегик объектларни ҳимоя қилиш учун армия жалб қилишга чақирди.
Нобоа ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Эквадор президенти лавозимига тайинланди. Янги давлат раҳбари жиноятчиликка қарши курашни ўзининг асосий вазифаларидан бири деб атаган. Мураккаб жиноий вазият ва гиёҳванд моддалар савдоси муаммосини ҳал қилиш учун у ҳарбийлар ёрдамида чегараларни мустаҳкамлашни, шунингдек, янги қамоқхоналар қуришни ва улардаги жиноятчилар турига қараб қамоқхонани бир неча тоифаларга бўлишни таклиф қилган. Нобоа энг хавфли маҳбуслар учун баржа қамоқхоналарини яратишни, уларни мамлакат қирғоқларидан 150 километр узоқликда денгизга жойлаштиришни ва дронлардан кузатишни режалаштирган эди.