ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Тошкентда истеъмолга яроқсиз айрим маҳсулотлар савдодан олинди. Бу ҳақда Санепидқўмита хабар берди.
Бозор расталарида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, уларнинг истеъмолга яроқлилиги назорат қилинмоқда.
"Кунлик назорат тадбирлари ташкил этилиб, истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлар савдоси бартараф этиб борилмоқда", — дейилади хабарда.
Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Олмазор туман бўлими мутахассислари ҳамда Ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси ходимлари Қорақамиш деҳқон бозорининг Тансиқбоев шохобчасида ўрганишлар олиб боришди.
Уларда сотувчиларнинг санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда махсус кийимларда фаолият олиб боришлари ва маҳсулотларнинг сифати ўрганилган.
Истеъмол учун яроқсиз деб топилиб, савдодан олинган маҳсулотлар:
иккиламчи идишларда сотилаётган 12 литр сут маҳсулоти;
4 кг. полиетилен идишларга тузланган аччиқ қалампир;
14 кг. номаълум шароитда тайёрланган лағмон ва манпар хамири.
Хабарда иккиламчи идишларда сотилаётган маҳсулотлар саломатлик учун хавфли экани эслатиб ўтилган.