Пентагон Киевга 4,2 миллиард доллар ёрдам ўтказа олмаслигини маълум қилди

Конгресс АҚШ президенти Жо Байденнинг Украинага ёрдам бериш сўровини маъқулламагунча, АҚШ Киевга ёрдам бера олмайди, дея қўшимча қилди Пентагон вакили.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Пентагон Киевга қурол етказиб бериш учун 4,2 миллиард доллар сарфлашга фақат расмий ваколатга эга, бироқ у АҚШ Конгресси молиялаштиришни тасдиқламай туриб, Украинага маблағ ажрата олмайди, дея маълум қилди идора матбуот котиби Патрик Райдер.
Бу ерда гап АҚШ президентининг қурол-яроғ ўтказиш дастури (PDA) доирасидаги маблағлар – Америка омборларидан қурол юбориш ҳақида кетмоқда. Пентагон, Райдернинг сўзларига кўра, дастур доирасида тахминан 4,2 миллиард доллар сарфлаш ҳуқуқига эга.
"Биз уларни сарфлаш ҳуқуқига эгамиз [...], аммо захираларни тўлдиришга имконимиз йўқ", – деди у брифингда.
Конгресс АҚШ президенти Жо Байденнинг, жумладан Украинага ёрдам бериш сўровини маъқулламагунча, АҚШ Киевга ёрдам бера олмайди, дея қўшимча қилди Пентагон вакили.
Райдер айтаётган маблағлар Украинага етказилган ёрдамни баҳолашда хатолик аниқланганидан кейин пайдо бўлди, бу Пентагонга Киевга ёрдам учун олти миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаш имконини берди.
Яқинда Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер АҚШ Украинага "қанча керак бўлса, шунча" ёрдам беришини, лекин ўтган йиллардагидек ёрдам бериш шарт эмаслигини айтди. У Киев Вашингтоннинг қўшимча ёрдамисиз жуда қийналиб қолишини таъкидлаб, конгрессменлар бу борада келишувга эришишига умид билдирди.
Аввалроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби АҚШ энди Киевни қўллаб-қувватлаш учун имкониятга эга эмаслигини айтган эди. Шунингдек, у 27 декабрь куни президент Жо Байден томонидан имзоланган сўнгги ёрдам пакети ҳалигача Украинага тўлиқ етказилмаганини таъкидлади. Кирбининг сўзларига кўра, бунга “бир неча ҳафталар” кетиши мумкин.
Декабрь ойи охирида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 2023 йилда Украинага 250 миллион долларлик "якуний" ҳарбий ёрдам пакети ўтказилишини эълон қилди. Оқ уй огоҳлантирганидек, бу Киевни қўллаб-қувватлаш учун қўлланаётган маблағни тугатади. Конгресс қўшимча маблағни тасдиқламагунча янги қурол ва ўқ-дорилар таъминланмайди.
АҚШ президенти Жо Байденнинг Украинага ёрдам сўраши ҳар икки палата томонидан маъқулланиши керак. Шу билан бирга, республикачилар давлат раҳбари маъмурияти АҚШ чегарасини қўриқлаш бўйича ёндашувларини ўзгартирмагунча, Киев расмийларига маблағ ажратилишини қўллаб-қувватламасликларини маълум қилишди. Натижада муросага келинмади, Вакиллар палатаси эса қишки таътилга чиқди.