Янги йил тадбирларида тахминан 300 минг нафар фуқаро қатнашишга улгурди — ИИВ

Бугунга қадар республиканинг 248 та жойларида янги йил байрам тадбирлари ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Ўзбекистонда ўтаётган Янги йил тадбирларида тахминан 300 минг нафар фуқаро қатнашди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълум қилди.
“Асосий тадбирлар 28 декабрь куни бошланган бўлиб, бугунга қадар республиканинг 248 та жойларида янги йил байрам тадбирлари ўтказилди ва унда тахминан 300 минг нафар фуқаролар қатнашди”, — дея қайд этди Музифа Султонова.
Байрам тадбирларида хавфсизликни таъминлаш учун жами 17 573 нафар куч-воситаси сафарбар этилди.
“11 474 нафари ИИВ, 3 925 нафари Миллий гвардия ва 2 174 нафари ФВВ ходими ва ҳарбий хизматчиларидир. Уларга 5 878 та алоқа воситалари ва 1 677 та автотранспорт, 2 903 та металлодетектор ҳамда 280 бош хизмат итлари ажратилди”, — деди у.
Қуйидагилар амалга оширилди:
Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектлар атрофига видеокамералар ўрнатилди. Улар мониторинг марказларига интеграция қилинди.
Байрам тадбири ўтказиладиган жойларда адашиб қолган ёш болаларни вақтинча сақлаш учун хоналар ташкил этилди. Уларга инспектор-психологлар бириктирилди.
Муайаян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг 425 нафари Реабилитация марказларига, 5 нафари эса Меҳр-саҳоват уйларига жойлаштирилди.
Байрам тадбирлари ўтказилаётган вақтда электр-энергия, газ, сув, ободонлаштириш ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг туну-кун навбатчилиги ташкил этилган.
Шунингдек, “Президент арчаси” ҳамда “Янги йил байрами” тадбирлари ўтказиладиган жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга 2 325 нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари сафарбар этилган.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлардан 150 метр узоқликда 282 та автотураргоҳ ташкил этилди.
Тошкентда Янги йил арча байрамлари қаерда ўтказилади — сана, вақт ва манзиллар