ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Байрам кунлари хар бир озиқ-овқат махсулотлари ва тайёр таомларни истеъмол қилишда ёшга эътиборли бўлиш шарт. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдураҳмон Исмоилов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, байрам дастурхони учун қўйиладиган егуликлар, хар-хил турдаги иссиқ ва совуқ газаклар, ширинликлар, таомлар ва ичимликлар хаддан ташқари ортиғи билан тайёрланиб, бир вақтнинг ўзида уларнинг бир-бирига мос эмаслигига эътибор бермасдан истеъмол қилиниши мумкин.
Бу эса ошқозон ичак фаолиятининг бузилиши, вақтида хазм бўлмаслиги оқибатида у ёки бу кўринишдаги касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Қолаверса ушбу дастурхон атрофида йиғилганлар орасида ёш болалар ва ёши катта инсонларнинг соғлигига хавф солиши эхтимолдан холи эмас.
“Сиз билан биз шу нарсани доимо ёдда тутишимиз керакки хар бир озиқ-овқат махсулотлари ва тайёр таомларни истеъмол қилишимизда хар биримизнинг ёшимизга эътиборли бўлишимиз шарт”, — дейди Абдураҳмон Исмоилов.
Биргина байрам муносабати билан меъёридан ортиқ, монелиги бўйича бир-бирига мос бўлмаган таомларни бир вақтнинг ўзида истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Кейинги вақтларда уй шароитида тайёрланган ва герматик идишларга қадоқланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишнинг энг оғир турларидан бўлган “БОТУЛИЗМ” касаллиги қайд этилмоқда.
Шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида консерва махсулотларини уйда тайёрламаслик тавсия этилади. Қуёш нурини ўзига сингдирган, инсон организми учун энг зарур бўлган витамин ва минералларни ўзида мужассам этган махсулотларни танлаб, истеъмол қилиш жуда мухимдир.
Хабарда Янги йилни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун шу каби тавсияларга амал қилиш лозимлиги айтилган.