Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича йиғилиш ўтказилди

Учрашувда бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Жорий йилнинг 26 декабрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Ўзбекистон–Туркия Ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Туркия томонидан вице-президент Жевдет Йилмаз раислик қилди.
Учрашувда бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Туркиянинг фармацевтика, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, тўқимачилик, мебелсозлик, заргарлик, шиша ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ушбу йўналишларда малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур соҳаларда мавжуд асосий муаммолар рўйхатини шакллантириб, йил давомида уларни бартараф этиш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олинди.
Ўзбекистонда Туркия тажрибаси асосида миллий малака тизими ва касб стандартларини такомиллаштириш, “Ўзбек-Турк” мономарказини ташкил этиш орқали малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Туркия Савдо вазирлиги томонидан юқорида келтирилган 6 та соҳа бўйича етакчи компанияларни Ўзбекистонга юбориш масаласи тез орада ишлаб чиқилиши маълум қилинди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон–Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси 7-йиғилишининг баённомаси ва “ҳаракатлар режаси” ҳамда 7 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.