ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Самарқандда Рапид ва блиц бўйича FIDE жаҳон чемпионати доирасида ўтказилган турнирда ғолиблар аниқланди. Йирик мусобақада турли мамлакатлардан 260 нафардан ортиқ шахматчи иштирок этди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Норвегиялик шахматчи Магнус Карлсен 13 турда 10 очко жамғарди ва бирорта ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмади. Шу тариқа у рапид бўйича жаҳон чемпиони унвонини ҳимоя қилди.
У аввал 2014, 2015, 2019 ва 2022 йилларда ушбу турнирда ғолиб чиққан.
Иккинчи ўринни Словения вакили Владимир Федосеев эгаллади. Шахматчи 13 турда 7 ғалаба, 1 мағлубият ва 5 дуранг қайд этган.
Учинчи ўринда хитойлик Ю Янъи. Хитойлик шахматчи ҳисобида 9 очко бор. 13 раундда 5 марта ғалаба қозонган ва 8 марта дуранг ўйнаган.
Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов сўнгги ўйинда россиялик Володар Мурзин билан дуранг ўйнаб, кучли учликка кира олмади. У 9 очко жамғариб, турнир жадвалида 11-ўринни эгаллади. Ундан ташқари 10 нафар шахматчи 9 очкодан жамғарган.
© Sputnik/Элина Бекназарова
Ўзбекистоннинг яна тўрт нафар вакили 8 очкодан жамғариб, турнир жадвалининг турли қаторларидан жой олишди. Жаҳонгир Воҳидов 30, Жавоҳир Синдаров 38, Шамсиддин Воҳидов 41, Муҳиддин Мадаминов 44-ўринда.
Аёллар ўртасидаги турнир якунларига кўра, россиялик шахматчи Анастасия Боднарук тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионати ғолибига айланди. У ҳал қилувчи тайбрейкда ҳиндистонлик рақибини 2,5 – 1,5 ҳисобида мағлуб этди. Якуний 11-турда Боднарук, Конеру ва хитойлик Лэй Тинцзе 8,5 очкодан жамғарди. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, Боднарук ва Конеру олтин учун тайбрейк ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, Лэй Тинцзе эса бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистонлик шахматчилар ўртасида 14 ёшли Афруза Ҳамдамова энг яхши натижа қайд этди. Унинг ҳисобида 6,5 очко бор ва 117 нафар шахматчи орасида 34-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 26-30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Соврин жамғармаси 1 миллион долларни ташкил қилади.