ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. “Шимол-Жануб” лойиҳаси тез орада ишга тушади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Сергей Лавров Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар билан музокаралар олиб борди.
“Шимол-Жануб йўлагига келсак, иккинчи турткига эҳтиёж қолмаса керак, у аллақачон илдам ишга туширилмоқда. Лойиҳа унда иштирок этаётган барча мамлакатларда катта иштиёқ уйғотди ва яқин келажакда у албатта амалга оширилади", — деди Россия вазири.
“Бу лойиҳа ҳам бизнинг манфаатларимизга, ҳам бутун жаҳон иқтисодиёти манфаатларига жавоб беради. Бу бизнинг устувор вазифаларимиздан биридир”, — деди Ҳиндистон ташқи ишлар вазири.
“Шимол-Жануб” транспорт коридори Скандинавия давлатлари, Россия, Эрон орқали ўтиб Ҳиндистонгача етиб боради. Унинг узунлиги 7200 км бўлиб, у анъанавий Суэц канали орқали ўтган йўналишдан икки баравар қисқа.