ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистонлик олим илк бор Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлигининг энг нуфузли мукофоти билан тақдирланди.
Олий таълим соҳасидаги Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг узоқ тарихида илк бор ўзбекистонлик олим Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлигининг энг нуфузли мукофоти билан тақдирланди.
© пресс-служба МИСИС
Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлиги буйруғига асосан “МИСИС”нинг Олмалиқ филиали директори, техника фанлари доктори Фарҳодбек Ярқулович Умаров “Таълим ва фан-техника тараққиёти соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга қўшган ҳиссаси учун” медали билан тақдирланди.
Бу медаль илмий, илмий-техникавий ва инновацион фаолиятни, нанотехнологияларни, шунингдек, фан ва юқори технологиялар марказларини, интеллектуал мулкни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган олимларга берилади.
Тақдирлаш маросими Фан ва технология университетининг “МИСИС” маданият саройида бўлиб ўтди.
Маълумот учун, техника фанлари доктори Умаров 2018 йилда Евро-Осиё кончилик фанлари академиясининг энг ёш академиги сифатида ҳам эътироф этилган.