ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Росссия президенти Владимир Путин Россия ҳукумати ваколатларини кенгайтирувчи, жумладан, дўст мамлакатларга товарлар экспорти бўйича божларни камайтириш ва нолга тушириш бўйича қонунни имзолади, деб ёзади РИА Новости.
Ҳужжат билан “Божхона тарифлари тўғрисида”ги ва “Ташқи савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш асослари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилади.
“Вазирлар Маҳкамасига экспорт божларини олти ойгача пасайтириш ва бир йилгача бўлган муддатга тариф квоталари, яъни товарларни дўст давлатларга маълум ҳажмда олиб чиқишда божхона тўловлари ставкаларини пасайтирилган ёки нолга тенглаштириш ҳуқуқи берилган”, — дейилади ҳужжатда.
Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг сўзларига кўра, ҳукумат дўст мамлакатларга дон, ўғит ва хомашё етказиб бериш ҳажмини оширишни рағбатлантириш учун тариф имтиёзларининг махсус мослашувчан воситасидан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси экспорт божи ставкаларини ҳисоблаш учун товарлар нархларини мониторинг қилиш, шунингдек, ташқи савдо фаолиятининг янги иштирокчилари ўртасида етказиб бериш бўйича тариф квоталари тақсимоти усули ва тартибини белгилаш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, унинг ваколатларига компаниялардан импорт ёки экспорт лицензияларини бериш ёки бекор қилиш киради.