Осиё ва Параосиё ўйинлари қаҳрамонларига пул мукофотлари топширилди

Президент Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов давлат ҳамиша халқаро майдонда муваффақият қозонган спортчиларни қўллаб-қувватлаб келиши, уларга барча шароитларни яратиб беришини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ханчжоу-2022 XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Пойтахтдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари масъуллари, спортчи ва мураббийлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Президент Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдураҳманов давлат ҳамиша халқаро майдонда муваффақият қозонган спортчиларни қўллаб-қувватлаб келиши, уларга барча шароитларни яратиб беришини таъкидлади.

Президент қарори ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига биноан олтин медални қўлга киритган спортчилар 10 минг, кумуш медал эгалари 5 минг, бронза медали соҳиблари 2,5 минг доллар; уларнинг мураббийлари эса ушбу суммаларнинг тенг ярми миқдорида, мос равишда 5 минг, 2,5 минг ҳамда 1250 доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Таэквондо WT бўйича Осиё ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов ва бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, шунингдек, пара енгил атлетика баҳсларида 1 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган Асила Мирзаёрова ҳамда пара каноэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Дилшод Йўлдошев ушбу эътибор ва ғамхўрлик янги Олимпия йили олдидан катта мотивация бўлишини таъкидлади.