Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар ўтказилди

Пойтахтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси хабар берди.
Пойтахтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ўтказилди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев иштирок этди.
Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Қайд этилишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил бўлди. Томонлар кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган стратегик шериклик муносабатларини юқори даражада сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлашди.
Вазирлар халқаро ташкилотлар доирасидаги халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича икки мамлакатнинг муҳим глобал ташаббуслари ва таклифларини ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича йўлга қўйилган амалиётни юқори баҳолашди.
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва аҳоли фаровонлиги даражасини сақлаб қолишга қаратилган савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокаралар чоғида транспорт-логистика, сув-энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришдаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар натижасида вазирлар тегишли Баённомани имзолашди.
Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.

“Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев жаноблари билан самарали музокаралардан сўнг вазирликларимиз ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар якунлари бўйича Баённомани имзоладик. Ҳужжатда ўзаро муносабатларимизнинг устувор йўналишлари ва келгуси йилда эришиладиган аниқ мақсадлар белгилаб олинган”, – деб ёзади вазир Бахтиёр саидов ўзининг Telegram-каналида.

Унинг қайд этишича, ушбу ҳужжат яқин ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.