Тил тарихи сўз тарихидан бошланади, сўз тарихини ўрганиш тил тарихи ҳақида хулосаларга олиб келади. Мутахассис-ку майли, бошқа касб-кордагилар учун ҳам бугун биз қўллаётган сўзларнинг аввалги ҳаёти қизиқ бўлса керак.
Айниқса, ҳозир салбий баҳо ифодалайдиган сўзлар тил тарихида салбий баҳоли бўлмаганлиги янада ажабланарли. Бу гал салбий муносабат ифодалашда ишлатиб келинаётган айрим сўзларнинг эски ва ҳозирги ўзбек тилларидаги маъноларини қиёслаб кўрамиз. Чунки тилнинг табиий тараққиёти давомида нейтрал баҳоли сўзлар салбий баҳоли ёки аксинча бўлиб қолиши мумкин.
Ҳозирги ўзбек тилида ғараз деган сўз бор. Асли арабча бу калом манба тилда “мақсад, ният”, “яширин ёмон ният”, “зарур нарса” маъноларини билдирган. Моддийлашиш кучаяётган бугунги кунда “ёмон ният”, “ёмонликни раво кўриш” маъносини билдирадиган айни сўз ўзбек тили тарихида бошқа зид маънода қўлланган, “умуман ният, мақсад”ни ифодалаган:
Ғаразим ул санамға сажда дурур,
Ер ўпай деб қошида қўйсам юз. (З.М.Бобур, “Бобурнома”).
Мазмуни: Гўзал ёрнинг (бу ўринда Яратган назарда тутилган) қошида ерга юзимни қўйишдан мақсадим унга сажда қилишдир.
Мунча ғаройибки мисол айладинг,
Борчани миръоти жамол айладинг.
Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.
Мазмуни: Оллоҳ таоло еру осмонни, ундаги барча нарсаларни яратар экан, бу бойликлар ичида унинг учун энг қадрлиси, яқини инсон бўлиб, худонинг бутун борлиқни яратишдан кузатган бош мақсади ҳам инсон эди.
Ҳозирги ўзбек тилида ғараз сўзи баҳо салбийлашувига учраган. Масалан, Тоҳир Малик ҳам ғаразни “яширин ёмон ният” маъносида ишлатган: Шокаримов бирон кишининг шахсий ғарази қурбони бўлганми ё тасодиф билан ўлганми ёки бирон тўданинг ғашига тегиб қўйганми? (“Шайтанат”дан)
Демак, ғараз каломи араб тилидаги дастлабки маъносида эски ўзбек тилида қўлланган, араб тилидаги иккинчи маъносида ҳозирги ўзбек тилида ишлатилади. Ўзбек тили эгалари она тилимизнинг икки тараққиёт босқичида ушбу сўзнинг икки маъносидан фойдаланган.
Ўзбек тилига арабчадан қасд сўзи ўзлашган. Унинг араб тилида “мақсад, ният”, “интилиш”, “ғараз” маънолари бор. Қасд каломи тилимиз тарихида манба тилдаги барча маъноларида қўлланмаган, бугунгидек салбий баҳодагина ҳам ишлатилмаган. Ўзбек тилининг турли тараққиёт босқичларида турли маъноларда қўлланган, худди ғараз сўзидек ҳаёт кечирган. Хусусан, эски ўзбек тилида “умуман ният, мақсад” деган аслий маъносини ҳам ифодалаган:
Яна бир қатла Расул с.а.в.ни воқеада кўрдики, ул Ҳазрат анга дедиким: “ё Або Ҳанифа, сени менинг суннатларимни тиргузмак учун зоҳир қилибдурлар, узлат қасди қилма. (Алишер Навоий, Насойим ул-муҳаббат)
Мазмуни: Бу ерда ҳанафийлик мазҳабининг асосчиси, Имоми Аъзам (Буюк имом) номи билан машҳур Нўъмон ибн Собит ҳақида сўз боряпти. Абу Ҳанифа – унинг кунияти. У икки марта Пайғамбаримизни тушида кўрган. “Яна бир қатла (марта)” деганда шунга ишора қилиняпти. Иккинчи марта Муҳаммад алайҳиссаломни туш кўрганида Пайғамбаримиз унга: “Эй Абу Ҳанифа, сен бу дунёга менинг суннатимга янги ҳаёт бағишлаш учун келгансан, бинобарин, ўзингни одамлардан четга тортиб, узлатга чекинишни ният қилма (яъни сен халқ орасида бўлишинг керак)” деганлар. Абу Ҳанифа фиқҳ (Ислом ҳуқуқи)ни биринчи марта тартибга солиб, тасниф қилган ва китоб шаклига келтирган.
Ҳозирги ўзбек тилида қасди бор, қасд қилди каби ифодалар фаол ва бу ифодаларда қасдсўзи ўта салбий баҳони, “адоват, ўч” деган маънони англатади. Масалан:
-Вой шўрим!.. Вой менинг шўр пешанам! Нега ўлдиришди? Кимнинг қасди бор экан унда? (Ўлмас Умарбеков, Ёз ёмғири)
-Мирзо ҳазратлари, бизнинг уч йигитимиз ҳалок бўлди, ўн киши яраланди. Аммо биз ёғийлардан бунинг қасдини олдик! (Пиримқул Қодиров, Юлдузли тунлар)
Демак, қасд каломи ҳам араб тилидаги дастлабки маъносида эски ўзбек тилида қўлланган, араб тилидаги иккинчи маъносида ҳозирги ўзбек тилида ишлатилади. Ўзбек тили соҳиблари ўзбек тилининг икки даврида мазкур сўзнинг икки маъносидан фойдаланган.
Бугун биз ташвишимизни аритишга ёрдам қилган ўртоғимиздан миннатдор бўламиз, унга миннатдорлик билдирамиз, ёрдамини пеш қилаверганлардан эса “миннат қилманг” дея ёзғирамиз. Миннатли хизматлар кўнгилга қаттиқ ботганми, доно халқ “Миннатли ош тиш синдирар” деганга ўхшаш мақолларни ижод қилган.
Диққат қилсангиз, юқоридаги гапларда миннат сўзи икки хил маънода: ҳам ижобий, ҳам салбий баҳода қўлланган. Гап шундаки, асли арабча бўлган ва ўша тилида “ҳиммат, мурувват”, “ташаккур, раҳмат айтиш” маъноларини англатган миннат сўзи маъносида вақт ўтиши билан ўзгариш юз берган. Яъни эски ўзбек тилида миннат сўзи ижобий (қисман салбий) баҳоли бўлган. Алишер Навоий асарларида миннат сўзидан асосан ижобий баҳода, “яхшилик ёки иноят”, “яхшилик учун ташаккур айтиш” каби маъноларда ҳам фойдаланилган. Масалан:
Қувватингнинг ожизи гар пилтан, гар шери зўр,
Миннатингнинг шокири гар гулжабин, гар сарвқад.
(Алишер Навоий, Хазойин-ул маоний)
Мазмуни: Қувватингнинг олдида фил гавдали ҳам, зўр шер ҳам ожиз, гўзал ҳам, сарвқад ҳам иноятингнинг шукр қилгувчиларидир.
Шу билан бирга, салбий баҳода қўллана бошлаган:
Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
(Алишер Навоий, Арбаин)
Мазмуни: Ҳар кишига иззат-икром (ёрдам) қилсанг, яхшилигингни юзига айтишни хаёлингга келтирма.
ХIХ аср охирларида ҳам миннат сўзида ижобий баҳоли маъно бўлган, хусусан, Баёний, Абдулла Қодирий асарларида “яхшилик”, “яхшилик йўлида қилинган хизмат”, “беғараз ёрдам” маъноларида ишлатилганлигини топиш мумкин:
Шу боис ямутлар иттифоқ этиб дедилар: “Энди бизларнинг [ғаним] била мулоқотимизнинг қилич била бўлғони яхшироқдур. Аёлу атфолларимиз талаф бўлғондин сўнг бир жонимиз учун [ғаним]дин миннат кутармизму?!” (“Шажарайи Хоразмшоҳий”дан)
Фақат қулингизча ҳам Юсуфбек ҳожининг давлатимиз устига қўйған бу миннати кичкина гап эмасдир. (“Ўткан кунлар”дан)
Ҳозирги кунда эса салбий баҳода қўлланишга ўтиб бўлган, миннатдорлик сўзидагина тарихий маъно сақланган холос. Эркин Аъзам ҳам ҳозирги асосий маъносида – “қилинган яхшиликни юзга солиш” тарзида қўллаган: Меҳр-мурувват кўз-кўз этилса, миннатга айланади. Миннатнинг эса тоши оғир, у гуноҳ, куфр ҳисобида (“Жаннат ўзи қайдадир”дан). Демак, миннат сўзида ижобий баҳодан салбий баҳога силжиш юз берган.