Олтин, кумуш, нефть ва газ — Ўзбекистонда қандай турдаги фойдали қазилма конлари бор?

Давлат балансида жами 2 537 та фойдали қазилма конлари ҳисобга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Илёс Жумаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда Ер юзида маълум бўлган деярли барча турдаги фойдали қазилмалар аниқланган. Улар: олтин, кумуш, платиноидлар, мис, уран, қўрғошин, молибден, вольфрам, нефть, табиий газ, марганец, литий, хром, никель, қалай, тантал, ниобий, кобальт, скандий, германий, рений.
Бугунги кунда мамлакатда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган. Конларнинг асосий қисми Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари хомашё базаси сифатида берилган.
Давлат балансида жами 2 537 та фойдали қазилма конлари ҳисобга олинган.
Улар қуйидаги конларидан иборат:
1 855 таси қурилиш материаллари;
296 таси углеводородлар;
128 таси тоғ-кон хомашёси;
92 таси қимматбаҳо металлар;
61 таси тоғ-кимё хомашёси;
41 таси радиоактив металлар;
31 та рангли тошлар;
20 таси рангли ва камёб металлар;
8 таси кўмир ҳамда ёнувчи сланецлар;
5 таси қора металл.

“10 та мис кони ҳисобга олинган бўлиб, унинг асосий захиралари Тошкент вилоятидаги “Олий Зиё”, “Саричеку”, “Қизата” конларига тўғри келади. Қўрғошин ва рухнинг 5 та конлари маълум (Хондиза, Учқулоч, Чинорсой, Лашкерек, Кулчулоқ)”, - деди Илёс Жумаев.

Ҳозирда улар Олмалиқ КМК томонидан қазиб олинмоқда ва комбинатнинг қувватларини истиқболда 2 баробарга ошириш имкониятини беради.
Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 9 та кон бўйича вольфрам захиралари ҳисобга олинган ҳамда уларнинг баъзилари ўз вақтида ўзлаштирилган. “Қўйтош” ва “Ингичка” конлардан захираларнинг асосий қисми қазиб олинган. Қолган 4 таси (Саутбай, Яхтон, Ходжадик, Гуссой) истиқболдаги вольфрам хомашё базаси ҳисобланади.
43 турдаги норуда фойдали қазилмаларнинг 2 085 та ортиқ кони аниқланган, ҳозирда уларнинг 86 фоизидан кўпроғи саноатда ўзлаштирилган.
“Бунда, асосан кичик ва ўрта бизнес вакиллари жалб этилган бўлиб, цемент, шиша, ҳар хил қурилиш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда”, дея қўшимча қилди Жумаев.
Айтилишича, бугунги кунда 328 тадан ортиқ ер қаъри участкаларида тадбиркорлар томонидан янги конлар аниқлаш учун геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.