Украина хорижий разведка хизматлари кўмагида террор йўлига ўтди — Путин

Путин: Киев хорижий разведка хизматлари кўмагида очиқдан-очиқ террор йўлига ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Киев хорижий разведка хизматларининг бевосита кўмаги билан очиқдан-очиқ давлат терроризми йўлига ўтди, у фуқаролик объектларига, транспорт ва энергетика инфратузилмасига қарши саботаж, тинч аҳоли ва жамоат арбобларига қарши террорчилик ҳужумларини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Биз биламизки, Киев режими хорижий разведка хизматларининг бевосита кўмагида очиқдан-очиқ террорчилик усуллари, аслида давлат терроризми йўлига ўтган. Булар фуқаролик объектларига, транспорт ва энергетика инфратузилмасига қарши саботаж, тинч аҳолига, ҳукумат амалдорларига ва жамоат арбобларига қарши террорчилик хуружларидир”, — деди у Россия хавфсизлик идоралари куни муносабати билан йўллаган видеомурожаатида.
Давлат раҳбари кенг кўламли техник ва тезкор имкониятлардан фойдаланган ҳолда, барча соҳаларда терроризмга қарши курашни кучайтириш, Мудофаа вазирлиги ва бошқа идоралар билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
Хорижий разведка хизматларининг Россиядаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга, фуқаролар тинчлиги ва миллатлараро тотувликка путур етказишга уринишларига қатъий чек қўйиш керак, деди Путин.
Унинг қўшимча қилишича, хавфсизлик идораларида мамлакат ва унинг фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар бор.