ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси нацизмни улуғлашга қарши кураш бўйича Россия резолюциясини қабул қилди, деб хабар беради РИА Новости.
У аввалроқ Бош Ассамблеянинг Учинчи қўмитаси томонидан маъқулланган эди.
Резолюция учун 118 та давлат овоз берди, 49 та давлат қарши чиқди ва 14 давлат бетараф қолди. Ҳужжатга овоз берганлар орасида Россия, Хитой ва Исроил ҳам бор эди.
АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Япония, Украина, Франция, Канада, Австралия, Австрия, Албания, Бельгия, Эстония, Чехия, Финляндия, Грузия, Венгрия, Ирландия, Латвия, Литва, Черногория, Нидерландия, Норвегия, Польша, Молдова, Словения, Испания, Швеция ва бошқалар қарши эди.
Ҳужжат мамлакатларга тегишли аниқ чораларни кўришни “Иккинчи жаҳон уруши тарихи ва натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларини рад этишнинг олдини олиш мақсадида, шу жумладан Қонунчилик ва таълим соҳасида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига мувофиқ” тавсия қилади.
Резолюция муаллифлари нацизмни улуғлаш ва тарғиб қилиш билан боғлиқ ҳодисаларни, хусусан, нацистларни қўллаб-қувватловчи граффити ва чизмалар, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликларга қўлланилишини кескин қоралайди.
Ҳужжат давлатларни ирқий камситишнинг барча шаклларини барча тегишли воситалар, жумладан, агар шароит талаб қилса, қонунчилик билан бартараф этишга чақиради. Бундан ташқари, резолюцияда миллати, дини ёки эътиқодига кўра ирқчилик, камситиш, нафрат ва зўравонликни тарғиб қилувчи ўқув материалларидан, шунингдек, риторикадан фойдаланиш кескин қораланади.
Ғарбий лагернинг бир қатор мамлакатлари, шу жумладан Украина, Австралия, Япониянинг талабига биноан, резолюция матнига Россия гўёки "неонацизмни йўқ қилиш мақсади билан Украинага қарши ҳудудий тажовузини оқлашга" интилганлиги тўғрисида тузатиш киритилди.
Ғарб давлатлари гуруҳи тузатма қабул қилинса, Москва ўз резолюцияси матнидан воз кечиб, унга овоз бермайди деган умидда киритган. Бироқ, бу содир бўлмади. Россия ҳужжатни қўллаб-қувватлади ва тузатишни маъқуллаганлар охир-оқибат резолюцияга қарши овоз беришди.
Шу билан бирга, Россия, Беларусь, Хитой, Сурия, Шимолий Корея ва Миср Ғарб тузатмасидан узоқлашди.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Мария Заболоцкая аввалроқ таъкидлаганидек, БМТ Бош Ассамблеясида Россиянинг нацизмни улуғлашга қарши кураш бўйича йиллик резолюциясини қўллаб-қувватлаш кучаймоқда. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, бир қатор Ғарб давлатлари узоқ вақтдан бери бу ҳолатдан мамнун эмас.