ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон стандартлаштириш ва метрология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси хабар берди.
Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 24-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Россия бош вазири ўринбосари – Саноат ва савдо вазирлиги раҳбари Денис Мантуров ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев иштирок этишди.
Томонлар стандартлаштириш ва метрология соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистон томонидан синов лабораторияларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш учун синов ускуналарининг тавсия этилган рўйхатлари шакллантирилди. Натижада, ЕОИИнинг 15 та техник регламенти талабларига мувофиқлигини баҳолаш мумкин бўлади.
Мантуров МДҲнинг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Давлатлараро кенгашининг Минскдаги йиғилишлари доирасида Росстандарт раҳбари Антон Шалаев бошчилигидаги делегацияси ва Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Унда “Инновацион метрология комплексини яратиш” лойиҳасини амалга ошириш муҳокама этилди.
Ушбу лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:
синов лабораторияларини модернизация ва қайта жиҳозлаш;
ўқув тадбирларини ўтказиш;
илмий-тадқиқот фаолияти.
"Йиғилишда "O'zTTSA" ва "Росстандарт" ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди", - дейилади хабарда.
Дастур 2023-2025 йилларда стандартлаштириш, метрология, техник жиҳатдан тартибга солиш, назорат ва кузатув, мувофиқликни баҳолаш, таълим ва фан каби соҳаларида 30 дан ортиқ қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувларларни қамраб олади.