Сайёҳларга Ўзбекистонда бўлиш неча пулга тушмоқда?
Ўзбекистонга келган ҳар бир сайёҳ ўртача ҳисобда 326 доллар сарфлайди. Бу кўрсатгич 2021 йилда 224 долларга тенг бўлган.
SputnikТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Бир нафар сайёҳнинг Ўзбекистондаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Туризм хизматларини диверсификация қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Иброғим Барнаев Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 11 ойида 2 миллиард доллар туризм хизмати амалга оширилди.
Шундай қилиб, бир нафар туристнинг мамлакатда бўлиш давомидаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2021 йилда 224 долларни ташкил этган.
“Бу кўрсаткич давлатлар кесимида қаралганда бир нафар Узоқ шарқ ва Европа давлатларидан келган сайёҳ 1 минг 66 доллар (2021 йилда 709 доллар), МДҲ давлатлари эса 743 доллар (2021 йилда 635 доллар), қўшни давлатлардан ташриф буюрганлар 154 доллардан 257 долларгача мамлакатда маблағ қолдирмоқда” — деди Барнаев.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда туризм экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш бўйича чоралар кўрилади.
Туристлар сонининг умумий кўрсаткичлари
Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳларнинг йиллик ўртача ўсиши 20 фоиздан ортмоқда. 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатга 6 миллион 134 минг нафар хориж фуқароси ташриф буюрган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 7 миллионга етиши прогноз қилинмоқда.
Қуйидаги давлатлардан энг кўп сайёҳлар ташриф буюрган:
Россиядан 676 минг (2022 йилнинг 11 ойига нисбатан 1,3 баробар кўп);
Туркиядан 99 минг (1,4 баробар кўп);
Ҳиндистондан 41 минг (2,9 баробар кўп);
Хитойдан 39 минг (8,5 баробар кўп);
Жанубий Кореядан 35 минг (1,9 баробар кўп);
Германиядан 28 минг (1,7 баробар кўп);
Италиядан 25 минг (2,9 баробар кўп);
АҚШдан 22 минг (1,8 баробар кўп);
Франциядан 18 минг (1,7 баробарга кўп).
Таъкидланишича, 2024 йилда хорижий сайёҳлар сонини 10 миллион нафарга етказиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Ички туризм кўрсаткичлари
2023 йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида мамлакат бўйлаб 20 миллион нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи прогноз қилинган эди.
Бу кўрсаткич 11 ой давомида 20,6 миллионга етди. Янги йил, Наврўз, Рамазон ҳайити, Мустақиллик байрамларида жорий қилинган 5 кунлик дам олиш кунлари ички туризм оқимига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ушбу кунларда 3-5 миллионгача ташрифлар кузатилган.
“Туризм, маданият, спорт ва ҳунармандчилик йўналишидаги 200 тага яқин маҳаллий ҳамда республика миқёсдаги тадбирлар маҳаллий сайёҳлар сонини ортишига хизмат қилди”, — деди у.
Шу йилда, бевосита Туризм қўмитаси кўмагида ҳудудларда 1000 нафардан ортиқ имконияти чекланган шахслар ва 570 минг ёшлар саёҳатлари ташкил этилди.
“2024 йилда мутасадди ташкилотлар билан бирга ҳар бир ҳудуддан 1 минг нафардан имконияти чекланган шахслар саёҳати режалаштирилган”, — дея таъкидлади мутахассис.
Унинг қўшимча қилишича, босқичма-босқич мамлакатда тўсиқсиз туризм ривожлантирилади.
Зиёрат туризм кўрсаткичлари
Жорий йил июнь ойида Сингапурда жойлашган “CrescentRating” ташкилоти 100 дан ортиқ давлатлар ичида Хива шаҳрига “Йилнинг ислом мероси туризм манзили” совринини тақдим қилди.
Зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган тадбирлар:
Бухорода “Нақшбандия” фестивали, “Халқаро зиёрат туризм ҳафталиги”;
Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусида халқаро конференция;
Термиз шаҳридаги “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” халқаро илмий конференция.
Тадбирларга Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Кувайт, Марокаш, Қатар, Россия, Буюк Британия, Франция, Сингапур, Малайзия, Индонезия каби 30 тага яқин хорижий давлатлар етук олимлар, илмий тадқиқот марказлари, ОАВ вакиллари ташриф буюрди.
Зиёратчилар оқимини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда 2023 йил 26 апрелдан Тошкент ва Жакарта (“Uzbekistan Airways" АЖ), 21 июнидан Теҳрон ва Самарқанд (Эроннинг "Qeshm Air" авиакомпанияси) ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар тилларида юритилувчи 7 тилда “Табаррук зиёрат” платформаси ишга туширилди. Дастлабки босқичда мамлакатдаги 100 та зиёрат объекти платформага киритилди.
Маълумот ўрнида, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан “Хива — 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинган.
Туризм объектларида инфратузилмани яхшилаш
Ҳудудларда 183 та янги меҳмонхона (ўринлар сони 11 342 та) ва 207 та хостел (ўринлар сони 7 237 та) янгидан ишга тушди. Жами жойлаштириш воситалари сони 5 365 та, улардаги ўринлар сони 142 038 тага етказилди.
Хонадонларда 333 та оилавий меҳмон уйи (ўринлар сони 3 092 та) ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 3 305 та (ўринлар сони 29 300 та)га етди.
Туристлар учун хизмат кўрсатувчи 810 та янги туристик ташкилот ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони 2 649 тага етказилди.
"2023 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига умумий қиймати 8,1 триллион сўмлик 448 та лойиҳалар амалга оширилди (8 191 та янги иш ўринлари яратилган). Йил якунига қадар 1,4 триллион сўмлик 60 та лойиҳа ишга тушади", — дейди мутахассис.
Йил бошидан туризм ва унга ёндош соҳаларда 70 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Туристлар ташриф буюрадиган объектлар, барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда республика бўйича 1 145 та санитария-гигиена шохобчаси ҳолати яхшиланди (уларнинг 672 таси янгидан қурилган бўлса, 473 таси ҳозирги замон талаблари асосида қайта таъмирланди).
Республика ҳудудида мавжуд 4 653 та барча турдаги ёқилғи қуйиш станциясининг санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланганлик даражаси 94,0 фоизга етказилди (4 357 та АЁҚШлар санитария-гигиена шохобчаси билан таъминланди).
“Келгусида жамоат жойлари, туристлар ташриф буюрадиган объектларда санитария-гигиена шохобчаларни ташкил қилиш ва уларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида иш ташкил қилинади”, — деди Барнаев.
Бу йил 280 млрд сўм дан ортиқ маблағ туризм объектларида инфратузилмани яхшилашга йўналтирилди. Мазкур йўналишда 330 млрд сўмлик таклиф 2024 йил учун ишлаб чиқилди.
Туризм хизматларини диверцификация қилиш
2023 йилда Тошкент (Эртошсой ва Овжазсой), Сурхондарё (Сангардак), Самарқанд ва Навоий (Сентоб) вилоятларидаги 5 та қишлоққа “туризм қишлоғи” мақоми берилди. Ушбу қишлоқларда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда туристлар учун шарт-шароит яхшиланди ва инфратузилма ташкил қилинди. 16-20 октябрдаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25 сессиясида Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи “The Best Tourist Village” мақомига эга бўлди.
“Келгуси йилда ҳудудларда қўшимча 10 та “туризм қишлоқлар”ини ташкил қилиш чоралари кўрилади”, — деди Барнаев.
Шу йили август ойида Жиззах вилоятининг Зомин туманида “Зомин” туристик-рекреацион зонасида дор йўли (узунлиги 2 102 метр) ишга тушди. Унинг максимал ҳаракатланиш тезлиги эса 6 метр секундгача бўлиб, соатига 1 200 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга.
“Бундан ташқари Бўстонлиқ туманида “Белдирсой” ҳудудида 2650 метрдан иборат бўлган осмадор йўли йил якунига қадар ишга туширилади. 2024 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Денов, Олтинсой ва Сариосиё туманларида дор йўлларини ташкил қилиш бўйича иш бошланади”, - дея қайд этди Барнаев.
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида бир вақтнинг ўзида 500 нафар сайёҳларга тиббий, агро, эко ва гастро туризм хизматларни кўрсатиш қувватига эга бўлган туристик мажмуа фаолияти йўлга қўйилди.
Мўйноқ тумани Орол денгизи бўйида меҳмонхона, овқатланиш сафари туризмга ихтисослашган туристик лойиҳа ишга тушди (100 нафар сайёҳга мўлжаланган).
Сентябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида Карвонсарой лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Унда, 100 ўринли автобус бекати, автосервис, 100 ўринли меҳмонхона, 100 ўринли ресторан, ёқилғи қуйиш станцияси, "автомойка" ва бошқа хизмат турлари йўлга қўйлди.
Шаҳрисабз тумани ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида “Шаҳрисабз” туристик маркази ва Қамаши тумани ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар ҳудудда “Майданак баланд тоғ” туристик маркази ташкил этиш юзасидан иш бошланди.
Уларда меҳмонхона, соғломлаштириш санаторийси, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва савдо-кўнгилочар объектлар барпо этиш назарда тутилган.
Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш
Охирги 3 йилда туризм соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, уларда таълим олувчи талабалар сони эса мос равишда 4 100 нафардан 11 500 нафаргача ошган.
2020 йилда олий таълим муассасаларида туризм соҳасида таълим берувчи педагогларнинг илмий салоҳияти 24,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 37,6 фоизга етди.
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда Туризм қўмитаси ҳузуридаги жами 10 та профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларга амалий дарсларни ўргатиш мақсадида лаборатория хоналари ташкил этилди. Бу мақсадлар учун жами 3 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.
Қўшимча қилинишича, 2024 йилда ҳудудларни алоҳида диверсификация қилиш, ёшлар, агро, MICE, тўсиқсиз туризмни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, соҳани рақамлаштириш, хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.