ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари халқларининг маданий яқинлиги ва бир давлатдаги ҳаёт тарихи ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг гаровидир. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Владимир Путин МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши иштирокчиларига мурожаат йўллади.
“Барчангизни – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси иштирокчиларини қутлашдан хурсандман. Бу галги учрашув ҳақиқатан ҳам муҳим мавзу – маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган. Зеро, халқларимизнинг яқин маданий алоқалари ва маънавий яқинлиги, кенг қамровли инсоний алоқалар ва бир давлат ҳаётининг кўп асрлик умумий тарихи МДҲ доирасидаги интеграция жараёнларининг мустаҳкам пойдеворидир”, — деди мамлакат етакчиси.
“Бизга урф-одат ва анъаналар, тил ва адабиёт, санъат ва халқ амалий санъатининг чинакам ноёб цивилизация уйғунлиги мерос бўлиб қолганига қўшиласиз, деб ўйлайман. Бизнинг вазифамиз эса бу умумий кўпмиллатли меросни имкон қадар сақлаб қолиш ва уни янги мазмун билан бойитишдир”, — дея қўшимча қилди Путин.
Владимир Путин декабрь ойи охирида Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарлари билан норасмий учрашув ўтказишни кутаётганини айтди.
“Сиздан яқинда – декабрь ойи охирида Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ва МДҲ давлатлари раҳбарларининг Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган анъанавий норасмий учрашувида кўришни кутаётган давлатларингиз раҳбарларига энг самимий саломимни етказишингизни сўрайман”, —деди у.
Путин 1 январдан уюшма раислиги Россияга ўтишини, санъат, таълим ва фаннинг турли йўналишларида қўшма тадбирлар ўтказиш амалиётини давом эттириш ва ривожлантириш режалаштирилганини эслатди.
“Биз кино ва телевидение лойиҳаларини амалга ошириш, мумтоз ва оммабоп мусиқа танловларини ташкил этишни ҳар томонлама рағбатлантирамиз. Эслатиб ўтамиз, Россия аллақачон бир қатор тегишли ташаббусларни илгари сурган, жумладан, Евроосиё кино санъати академиясини ташкил этиш, Евроосиё кино мукофотини таъсис этиш ва “Интервидение” халқаро қўшиқ фестивалини қайта тиклаш”, — дея қўшимча қилди президент.
Бундан ташқари, Россия раислик даврида рус тилини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади.