ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати Валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга унинг акаси, Кувайт Амири шайх Навоф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ вафот этгани муносабати билан таъзия йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
"Давлатимиз раҳбари Кувайт халқига ҳамда марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча Кувайт амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 86 ёшида вафот этди. Ноябрь ойи охирида амир соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди. Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 1937 йил 25 июнда Кувайтда туғилган. У 1921-1950 йиллардаги Кувайт ҳукмдори шайх Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ авлоди.