Кувайт амири 86 ёшида вафот этди

Ноябрь ойи охирида амир соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Кувайт амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 86 ёшида вафот этди, дея маълум қилди давлат телевидениеси орқали Амир девони ишлари вазири Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Муборак ас-Сабоҳ.
“Шанба куни вафот этган амир Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ учун мотам тутамиз”, — деди вазир.
Ноябрь ойи охирида амир соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 1937 йил 25 июнда Кувайтда туғилган. У 1921-1950 йиллардаги Кувайт ҳукмдори шайх Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ авлоди.
У Кувайт тахтини 2020 йил сентябридан бери, ўгай акаси Сабоҳ IV вафотидан кейин эгаллаб келган. Амалдаги амир вафотидан кейин унинг укаси, 83 ёшли валиаҳд шаҳзода Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ ҳокимиятни мерос қилиб олиши керак.
Кувайт конституциясига кўра, тахт вориси ҳукмдор вафотидан сўнг автоматик тарзда амир бўлади, бироқ парламент – ​​Миллий ассамблея олдида қасамёд қилганидан кейин унга тўлиқ ваколат берилади.