Куала-Лумпурдан Тошкентга парвозлар йўлга қўйилди — фото

Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича мунтазам парвозлар ҳафтасига бир марта жума кунлари Boeing 737 ва Airbus A330 самолётларида амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Кеча, 15 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 20:58 да “Batik Air” авиакомпанияси борти Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича илк парвозни амалга ошириб, Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда “Uzbekistan airports” хабар берди.
Шу муносабат билан “Тошкент” аэропортида бўлиб ўтган тантанали маросимда “Uzbekistan Airports” компанияси, Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Туризм қўмитаси вакиллари, журналистлар, авиаспоттерлар ҳамда парвознинг илк йўловчилари иштирок этди.
Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича мунтазам парвозлар ҳафтасига бир марта жума кунлари Boeing 737 ва Airbus A330 самолётларида амалга оширилади. Келажакда авиаташувчи рейслар частотасини ошириш ҳамда минтақадаги йўналишлар тармоғини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
“Batik Air” - Индонезиянинг “Lion Air” лоукостер авиакомпаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. Бош қароргоҳи Жакартада жойлашган авиакомпания мунтазам равишда ички ва халқаро рейсларни амалга оширади.