ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Бугун, 15 декабрдан бошлаб Ер усти ҳалқа йўлининг “Турон” (13-бекат) ва “Қипчоқ” (14-бекат) бекатларида синов тариқасида (йўловчиларсиз) поездлар ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК хабар берди.
Таъкидланишича, Тошкент метрополитенининг Ер усти ҳалқа йўлининг II босқичи доирасидаги Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесига қадар қурилаётган 2 та янги метро бекатларда қурилиш ишлари ўз якунига етказилди.
Шу муносабат билан метрополитен қурилиш қоидалари ва меъёрларига кўра, “Турон” (13-бекат) ва “Қипчоқ” (14-бекат) бекатларида синов тариқасида поездлар ҳаракати йўлга қўйилади.
Шунингдек, синов муддати якуни ва янги бекатларнинг йўловчилар учун хизмат кўрсатишни бошлаш муддати тўғрисидаги маълумотлар синов натижалари асосида қўшимча равишда тақдим этилади.