ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Россия компанияси Ўзбекистонга логистика йўналишларини ривожлантиришда ёрдам беради. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси хабар берди.
Шу кунларда Россиянинг йирик транспорт гуруҳи "Fesco" “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.
Унда томонлар бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Келишувлар:
Ўзбекистон ва Россия ўртасида контейнер ташишни ривожлантириш;
Қирғизистон орқали Хитойга ва Туркманистон орқали Туркияга, Африка ва Ўрта ер денгизи мамлакатларига "Fesco" интермодал хизматларидан фойдаланган ҳолда янги транзит йўналишлари бўйича ҳамкорликда ишлаш;
Тошкент ва Москва ўртасида тўғридан-тўғри контейнер ташишни ташкил этиш.
Шунингдек, келишувларда "Fesco"нинг республика транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги иштироки ва Ўзбекистон логистика саноатини рақамлаштириш соҳасидаги потенциал лойиҳалар ҳам назарда тутилган.