ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги оператив тайёргарлик тадбирларининг сонини 1,2 баробарга кўпайтирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида қўшинларнинг доимий жанговар шайлиги, фуқаролар мурожаатига эътибор муҳокама қилинди.
Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-маёр Ҳамдам Қаршиевнинг қайд этишича, вазирлик қўшинларининг доимий жанговар шайлигини сақлаш мақсадида жойларда 1000 дан ортиқ тўсатдан текширувлар реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган шароитда ўтказилди.
“Бунинг натижасида оператив тайёргарлик тадбирларининг сони ўтган йилга нисбатан 1,2 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилди”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий педагогика ва психология мутахассисликлари бўйича 2 йиллик махсус сиртқи таълим тизими йўлга қўйилди. Қўшинларни янги намунадаги қурол-аслаҳа ва техникалар билан бутлаш, модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилди.
Шу йилнинг 11 ойида Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 4 074 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 826 таси ижобий ҳал этилган, 2 005 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган ва 243 таси ўрганиб чиқилмоқда.
“Келиб тушаётган мурожаатларда асосан ҳарбий хизматчиларнинг оилавий шароити бўйича бир жойдан бошқа жойга ўтказиш, ҳарбий хизматга тиклаш, контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш, уй-жой масалалари, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий кафедраларига ўқишга кириш, ўтказиш ва қайтадан тиклаш ҳамда нафақа ва ижтимоий таъминотнинг бошқа масалалари кўтарилган”, дея қўшимча қилинди.