ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат МирзиёевТошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг (ИИББ) Ягона тезкор бошқарув марказини бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мажмуа “Геоинформацион электрон харита” дастури асосида ишлайди. Унга ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш, транспорт ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия, Солиқ қўмитаси каби идораларнинг 55 та электрон базаси интеграция қилинган.
Тошкент шаҳридаги 10 мингдан ортиқ турар ва нотурар жойлардаги 7 минг 300 та видеокузатув камералари ҳам уланган.
“Бу жамоат хавфсизлигига масъул куч ва воситаларни самарали бошқариш имконини бермоқда. Жумладан, кўча ва жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимлар онлайн кузатиб турилади ва вазиятга қараб йўналтирилади. Натижада ҳодиса жойига 3-5 дақиқада етиб борилади”, — дейилади хабарда.
Булар “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла” мақсадларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлашда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ўтган даврда Тошкентда содир қилинган 925 та жиноят тезкор фош этилган.
Ягона тезкор бошқарув марказида “Е-манзил”, “Шакл-1”, “Е-меҳмон”, “Кадастр” дастурларидан маълумот олиш ҳам йўлга қўйилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқиган ёшлар томонидан “Қалқон” номли тизим яратилган.