ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Ўзбекистон илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 марта оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида маълум қилди.
“Илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилга қадар 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта оширишни режалаштирганмиз. Бундай стратегик вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда сизлар каби илм-фан намояндаларининг улкан салоҳиятига таянамиз”, — дейилган табрик матнида.
Табрикда қайд этилишича, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.
Соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2 мартадан зиёд оширилган. Илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилган.
Тизимда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчилар учун имтиёзли асосда квартиралар ажратилди, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминланди.
Академиянинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлиги кучайиб, улар билан биргаликда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар кўлами икки-уч баробар кенгайди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган 30 мингдан ортиқ тадқиқотчиларнинг ярмидан ортиғини айнан ёшлар ташкил этмоқда.