Бу йил Ўзбекистонда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла етиштирилди

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан тадриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Бу йил Ўзбекистонда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла етиштирилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига йўллаган байрам табригида маълум қилинди.
Табрик матнида қайд этилишича, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.
“Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди. Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан қадимий анъаналарга эга бўлган ўзбек деҳқончилик мактаби ривожланмоқда, аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда”, — дейилган байрам табриги матнида.
Бунинг тасдиғини бу йил мамлакатда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла, 3 миллион 800 минг тонна пахта, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 26 минг тонна пилла етиштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Айтилишича, кейинги йилларда 800 дан зиёд агрокластерлар ташкил этилди. Бугунги кунда пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавот маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғи айнан улар томонидан етиштирилмоқда.
Бу йил дала меҳнаткашларига 10 минг 500 дан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар етказиб берилди. Соҳага рақамлаштириш жараёнлари, томчилатиб суғориш технологиялари, инновациялар жадал кириб бормоқда.
“Ҳозирги кунгача 500 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий етилиб, 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани ва қарийб 1 миллион гектар ернинг сув таъминоти яхшилангани ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасидир”, —дейилган байрам табриги матнида.
Жорий йилда қўшимча равишда 100 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, озиқ-овқат экинлари экилгани, мевали боғ ва токзорлар барпо этилгани Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Охирги икки йилда 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 670 минг нафар юртдошимизга танлов асосида берилди. Натижада 2 миллиондан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, қўшимча 3 миллион тонна маҳсулот етиштирилди”, — дея қайд этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қуйидагилар белгиланган:
ресурсларни тежайдиган инновацион технологиялар асосида маҳсулот таннархини 30-35 фоизга тушириш;
сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларни 1 миллион 500 минг гектарга етказиш;
сифатли ва серҳосил навларни, зотдор чорва наслини кўпайтириш; экологик тоза маҳсулотлар етиштириш.