ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ўзбекистонда ИҲТ атроф-муҳит вазирларининг юқори даражадаги мулоқоти бўлиб ўтади. Бу ҳақида Экология вазирлиги хабар берди.
Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари атроф-муҳит вазирлари “ИҲТ минтақасида ресурслардан тежамкор, барқарор ривожланиш ва айланма иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш” мавзусини муҳокама қилди.
Норасмий учрашув Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, хорижий мамлакатларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси раҳбарлари ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари иштирок этди.
“Бугунги йиғилишда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон келаси йилнинг биринчи ярмида Олий даражадаги Мулоқот платформасининг 1-йиғилишини ўтказишга тайёрлигини маълум қилди”, — деди ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозири.
Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгариши глобал муаммоси ва уни ҳал қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббуси муҳимлигини таъкидлади.
“Атроф-муҳитнинг деградацияси ва иқлим ўзгариши бугунги кунда дунё ва минтақамиз олдида турган энг долзарб муаммо ва жиддий таҳдиддир. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан экологик ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги мулоқот майдони яратилди. Географик яқинлигимизни инобатга олган ҳолда, биз энг кўп экологик муаммоларга шерикмиз ва шунинг учун ҳам ИҲТ Атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик асослари (2023-2030) ҳар қачонгидан ҳам зарур”, — деди вазир.
Шунингдек, у бўлажак халқаро тадбирни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини таклиф қилди.
“Биз йилига бир марта навбатма-навбат ва барча аъзо мамлакатларда экологик ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги вазирлар мулоқотини ташкил этишни таклиф қиламиз. Йиллик йиғилиш олдидан ИҲТ минтақасида биохилма-хиллик, ерларнинг деградацияси, SAQLASH (ресурсларнинг самарадорлиги, барқарор ривожланиш, айланма иқтисодиёт) ва иқлим бўйича тўртта эксперт семинарларини ўтказиш таклиф қилинади. Ушбу эксперт семинарлари натижалари бир қатор Ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш билан якунланади, уларнинг бажарилиши ҳар бир давлат вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ томонидан диққат билан назорат қилинади”, — дея қўшимча қилди вазир.
Норасмий йиғилишда ИҲТга аъзо давлатларнинг чиқишлари ва тақдимотлари, ИҲТ Экологик ҳамкорлик асослари лойиҳаси (2023-2030) ва унга иловалар кўриб чиқилди. Шунингдек, ИҲТ минтақасида ресурслар самарадорлиги, барқарор ривожланиш ва айланма иқтисодиёт бўйича Минтақавий ташаббус тақдимоти бўлиб ўтди.
Учрашув якунлари бўйича Экология вазирлари йиғилишининг Қўшма баёноти қабул қилинди.