Ироқ ўзбек маҳсулотларининг мамлакат бозорига чиқишидан манфаатдор эканлигини билдирди

Ўзбекистон делегацияси Ироқ Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ироқ Ўзбекистон маҳсулотларининг мамлакат бозорига чиқишидан манфаатдор эканлигини билдирди. Бу ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев Ироқ Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн билан учрашди.
Қайд этилишича, Ироқ томони Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро устувор соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

"Ироқ томони Ўзбекистон маҳсулотларининг Ироқ бозорига чиқиши ва Ўзбекистондан импорт турларини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди", —дейилади хабарда.

Учрашувда бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бағдод шаҳрида Ўзбекистон ва Ироқ Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди.
"Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди", — дейилади хабарда.
Томонлар мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантиришга тайёр эканликларини ҳамда қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.