ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин “Россия сегодня” халқаро медиа-гуруҳининг 10 йиллиги билан унинг ходимларини табриклаб, у “мамлакат ва жаҳондаги воқеаларни тезкор ва ишончли ёритиб борувчи иқтидорли мутахассислардан иборат катта, аҳил жамоани бирлаштирганини” таъкидлади.
“Сиз ўз ўтмишдошларингиз – таниқли журналистлар, мухбирлар, муҳаррирлар, таржимонлар, публицистларнинг ижодий анъаналарини муносиб давом эттираётганингиз қувонарлидир. Ўз тажриба ва билимларингизни ёш ходимларга саховат билан баҳам кўринг”, — дейилади табрик телеграммасида.
Россия президенти медиа-гуруҳ ўз иш сифатини бундан кейин ҳам юқори даражада ушлаб туришига, ички ва халқаро ахборот маконида тан олинган етакчилардан бири сифатидаги мавқеини сақлаб қолишига ишонч билдирди.
“Россия сегодня” халқаро медиа-гуруҳи рус тилидаги ахборот ресурсларини бирлаштиради: РИА Новости, ПРАЙМ, ИноСМИ, Baltnews, Украина.ру, Социальный навигатор, КОТ ва Arctic.ru. Хорижда уни Sputnik халқаро ахборот агентлиги ва радиоси тақдим этади.
Медиа-гуруҳнинг асосий маҳсулотларидан бири бу рус, инглиз, хитой, испан, араб ва форс тилларида ахборот лентаси ҳисобланади. “Россия сегодня” халқаро аудитория, бизнес ҳамжамият, давлат идоралари ва кенг доирадаги фойдаланувчиларга мўлжалланган йирик рус ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиси.