Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишлаб чиқарувчи корхоналари ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Ҳиндистон Глобал бизнес форуми раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар, жумладан, ичимлик маҳсулотлари Ҳиндистон бозорида рақобатбардош эканини қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, ичимлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари, Ҳиндистон Глобал бизнес форумига (Global India Business Forum - GIBF) аъзо компаниялар вакиллари иштирокида онлайн анжуман ўтказилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларини изчил ривожлантириш учун яратилаётган қулай шароитлар, ушбу йўналишда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун тақдим этилаётган имкониятлар, чет эл сармоядорлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
GIBF президенти Житендра Жоши ҳиндистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб бораётгани, ўзбек ҳамкорлари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар кўраётганини таъкидлади. Хусусан, 2022 ва 2023 йилларда ташкил этилган Тошкент халқаро инвестиция форуми чоғидаги учрашув ва музокаралар ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
Ҳиндистон Глобал бизнес форуми раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар, жумладан, ичимлик маҳсулотлари Ҳиндистон бозорида рақобатбардош эканини қайд этди. Бу эса икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
"Tandon Enterprises" компанияси раҳбари Пратул Тандон Ўзбекистон корхоналари билан ўрнатган алоқалари ва муваффақиятли ҳамкорлик лойиҳалари, Ҳиндистонга ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Анжуман доирасида томонлар ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашди, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилди.