Танзила Нарбаева Дубайда БАА Федерал миллий кенгаши раиси билан музокара ўтказди

Ўзбекистонда фаолият юритаётган БАА сармоялари иштирокидаги корхоналар сони 5 йилда 2,5 баробарга ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Дубайда БАА Федерал миллий кенгаши раиси Сақр Ғобаш билан музокара ўтказди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Танзила Нарбаева Дубайда БАА Федерал миллий кенгаши раиси билан музокара ўтказди
Айтилишича, кейинги йилларда мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш 4 баробарга ўсиб, шу йил январь-сентябрь ойларида ўзаро савдо 475,7 млн долларни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошган.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган БАА сармоялари иштирокидаги корхоналар сони 5 йилда 2,5 баробарга ошди. “Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси каби йўналишларни қамраб олган инвестиция лойиҳалари портфели 4 млрд доллардан зиёдни ташкил қилмоқда.
Томонлар ушбу кўрсаткичларни бир неча баробарга ошириш имконияти мавжуд эканини, бу борада парламентлар ҳам фаоллик кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.
Танзила Нарбаева Дубайда БАА Федерал миллий кенгаши раиси билан музокара ўтказди
“Олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш, “халқ дипломатияси”нинг муҳим жиҳати ҳисобланган “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини жонлантириш лозимлиги қайд этилди”, — дейилади хабарда.
БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Олий Мажлис Сенати раиси БАА Федерал миллий кенгаши раисига 2024 йилда Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилди.
Олий Мажлис Сенати раиси “Dubai Expo” марказида ташкил этилган "Ўзбекистон" павильони билан танишди.
Шунингдек, БМТ иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (CОP28) доирасидаги парламент сессиясида иштирок этиш учун БААда амалий ташриф билан бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси “Dubai Expo” марказида ташкил этилган "Ўзбекистон" павильони билан танишди.

"Ўзбекистон CОP28да Марказий Осиё павильони остида қатнашмоқда. Бу "Бир минтақа – бир овоз" позициясини мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракат ҳисобланади. CОP28 - Бутунжаҳон иқлим форумида Ўзбекистон иккита: кўк ва яшил павильонда иштирок этмоқда", — дейилади хабарда.

Кўк ("Blue") зонадаги павильонда Ўзбекистоннинг экологик салоҳияти, хусусан, Президент ташаббуси билан йўлга қўйилган ва анъанага айланган "Яшил макон" лойиҳаси, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ("Central Asian Green University") ҳамда Орол денгизи ҳолати ва уни кўкаламзорлаштириш борасидаги маълумотлар ўрин олган.
Яшил ("Green") зонадаги павильонда эса иккинчи қаватда президент томонидан "Яшил макон", биологик хилма-хиллик, умуман, экология соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар, видеороликлар ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш қилинмоқда.