Путин мигрантлар билан боғлиқ вазиятда этномаданий мувозанатни сақлашга чақирди

Путин мигрантлар билан боғлиқ вазиятда этномаданий мувозанатга риоя қилиш бўйича кўрсатма берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Россияга мигрантларни жалб қилиш ҳақида гап кетганда, этномаданий мувозанатни сақлаш зарур. Бу ҳақида Россия президенти Владимир Путин Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши йиғилишида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.

“Бу мигрантлар ҳуқуқларига оид жуда долзарб масала, бу тушунарли. Бу ерда мен этномаданий мувозанатни сақлаш керак деган фикрга қўшиламан. Албатта, бу соҳада содир бўлаётган барча воқеалар, биринчи навбатда, иқтисодиёт манфаатлари — ишчилар етишмаслиги билан боғлиқ. Лекин, албатта, бу одамларни тайёрлаш керак”,— дея таъкидлади президент.

Унинг фикрича, мамлакат иқтисодий манфаатларига жавоб берадиган шундай меҳнат ресурсларини жалб қилиши керак. Бу одамлар Россия тилини, урф-одатларини ва қонунларини билишлари шарт, деди давлат раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, улар МДҲ давлатларидан келган ҳамкасблари билан биргаликда бу борада иш олиб бормоқдалар — хусусан, рус тилида ўқитиладиган мактаблар очилмоқда.
Президент мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш, лекин россияликлар манфаатларини биринчи ўринга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу масалаларни ҳар томонлама кўриб чиқиш зарур. Бундан келиб чиққан ҳолда, Путин Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Кенгашига ушбу йўналишдаги ишларни давом эттиришни сўради.
Давлат раҳбари Россияда меҳнат мигрантлари фарзандларининг таълим олиши мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. Улар ўқишлари шарт, аммо бунинг фонида бошқа мактаб ўқувчилари учун шароит ёмонлашмаслиги кераклигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, бу муаммо йўқ деб кўрсатиш мумкин эмас. Шунингдек, тегишли кўрсатмалар беришга ваъда берди.