Россияга Каспий денгизи орқали: Жанубий транспорт йўлаги истиқболлари

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг Биринчи транспорт форуми доирасида янги халқаро мультимодал транспорт йўлагини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Нега Каспий денгизи орқали Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Россия мультимодал транспорт йўлагини яратиш ҳақида савол туғилди, Жанубий транспорт кйўлаги қандай истиқболларга эга, қўшимча йўлми ёки Қозоғистон орқали муқобил йўналишми – Sputnik Ўзбекистон шу ва бошқа саволларни лойиҳада иштирок этаётган мамлакатларнинг бир қатор экспертлари билан муҳокама қилди.

Янги йўлакнинг долзарблиги

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форуми доирасида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Россия Федерацияси транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев, Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири Тилек Текебаев Каспий денгизи (Жанубий транспорт йўлаги) орқали Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Россия халқаро мультимодал транспорт йўлагини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича меморандум имзолади.
“Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, янги транспорт йўлаги ғояси икки омил – Ғарб ва Россия ўртасидаги санкция ва қарши санкция урушлари, натижада Қозоғистон ўз ҳудуди бўйлаб санкцияланган маҳсулотларни етказиб беришга тўсқинлик қилиши таъсирида пайдо бўлган.
“Ғарб давлатлари блоки ва Россия ўртасидаги гибрид уруш натижасида Россия Федерациясига “кулранг” импортнинг жиддий оқими вужудга келди. Россияга постсовет мамлакатлари – Грузия, Арманистон, Марказий Осиё давлатлари орқали параллель импортнинг бир қисми сифатида санкцияланган маҳсулотларнинг катта ҳажми импорт қилинади. Қозоғистон маълум сиёсий ва иқтисодий шароитларга кўра Ғарбнинг санкциялар режимини амалга ошириш талабларига риоя қилиш, хусусан, санкцияланган маҳсулотларнинг ўз ҳудуди орқали транзитини тақиқлаш позициясини қабул қилди”, — деди Бахтиёр Эргашев Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Экспертнинг фикрига кўра, бу икки омил таъсири натижасида Хитойдан Россияга Қозоғистон орқали товарларни қайта экспорт қилишда фаол иштирок этаётган, масалан, Қирғизистондаги бизнес-жамиятлар вакиллари жиддий муаммоларга дуч кела бошлаган. Бу ҳолат экспертлар, логистлар ва транспорт ходимлари ўртасида мавжуд вазиятдан чиқиш йўлини излаш зарурлигини фаол муҳокама қилиш учун асос бўлди, таъкидлади эксперт.
“Қозоғистон орқали санкцияга тушган товарларни олиб ўтиш жуда қийинлашди. Автомобиллар чегарадан ўтказилмади, бир неча ҳафта давомида чегара ўтказиш пунктларида қолиб кетди, юкларни расмийлаштиришда жуда катта қийинчиликлар юзага келди. Буларнинг барчаси муайян муаммоларни келтириб чиқарди ва шу боис айланма транспорт коридори кераклиги масаласи кўтарила бошланди”, – дея тушунтирди Эргашев.
Шу билан бирга, очиқ манбалардаги бозор иштирокчилари Қозоғистон орқали ўтувчи Ўрта йўлак (Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги) темир йўл инфратузилмаси ҳаддан ташқари юкланганлигини ҳам таъкидламоқда.
Юкларни Хитойдан Европага Ўрта йўлак бўйлаб қайта йўналтирилиши натижасида юк ташиш ҳажми жорий йилнинг саккиз ойида (2022 йилнинг шу даврига нисбатан) 80 фоиз ошди. Ушбу ўсиш, "Бугун билан эртани бирлаштириб" Тбилиси IV Ипак йўли форумида таъкидланганидек, аллақачон ҳаддан ташқари юкланган коридор бўйлаб чегараларга жиддий босим ўтказмоқда.
Бундан ташқари, ноябрь ойи бошида Қозоғистондаги бир қатор Россия экспедиторлик компанияларига транзит темир йўл орқали юк ташувлари борасида эски шартлар бўйича шартномалар тузиш рад этилди – аввалгидан 6-7 баробар юқори тарифлар билан шартнома тузиш таклиф қилинди.
Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатлашган экспертларнинг қайд этишича, шу ва бошқа жиҳатлар ҳам томонларни муқобил йўналишлар излашга, янги логистика йўналишларини яратишга ундамоқда.

Муқобил ёки қўшимча йўлак?

Транс-Евроосиё ташувлари бўйича халқаро мувофиқлаштирувчи кенгаш бош директори Геннадий Бессонов таъкидлаганидек, агар янги йўлакни кўриб чиқсак, бу кўпроқ муқобил эмас, балки Марказий Осиё давлатларининг хусусан Ўзбекистоннинг жадал ўсаётган иқтисодиёти ривожланишини таъминлайдиган қўшимча йўналишдир.
“Ҳар қандай қўшимча транспорт йўналиши доимо у ўтадиган ҳудудларни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Янги йўналишнинг яратилиши Россия Федерацияси учун қўшимча имкониятлар яратади, чунки савдо-иқтисодий ва транспорт алоқалари ўзаро чамбарчас боғлиқ”, - фикр билдирди эксперт.
Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, бу йўналиш барча иштирокчилар учун фойдали бўлса-да, қайта кўрилиши керак бўлган жиҳатлари мавжуд.
“Йўналиш мураккаб, чунки унда Туркманбошига борадиган паром ишга солинади. Россия томонидан Махачқалъа орқали кириш темир йўл инфратузилмаси тақчиллигига дуч келади, чунки Шимолий Кавказ темир йўли банд ва “Шимол-Жануб” Денгиз техник қўмитаси Озарбайжон орқали ривожланмоқда. Астраханга киришда ҳам маълум чекловлар бор – у ерда ҳозир фақат бир томонлама йўналиш мавжуд. Шуни таъкидлаш керакки, Россияда ушбу йўлакни ривожлантириш ҳозирча устувор вазифа эмас, лекин у барибир ривожлантирилади”, - фикр билдирди “Транспорт ва инфратузилма” илмий-тадқиқот маркази президенти Павел Иванкин.
Эксперт, шунингдек, биринчи босқичда паром қатновининг мунтазамлиги ва мумкин бўлган ҳажмларини аниқлаш зарурлигини, шундан кейинги босқичдагина асосий юк оқими устидан назоратни таъминлайдиган хизматни ишлаб чиқилишини қўшимча қилди.
Сўров иштирокчилари янги транспорт йўлаги муваффақиятли фаолият кўрсатиши шароитида йўналиш бўйлаб транзит давлатларни ривожлантириш истиқболларини ҳам таъкидламоқда. Шу тариқа, “Оқилона ечимлар” таҳлилий маркази директори Эсен Усубалиевнинг таъкидлашича, санкциялар амалда бўлган тақдирда ҳам, эндиликда санкциялар таъсиридан ташқарида бўлган давлатлар ўртасида иқтисодий макон шаклланмоқда.
“Яъни, бу – янги савдо-иқтисодий тизим ва янги иқтисодий маконнинг шаклланиши, бу ерда санкциялар ҳеч қандай маънога эга эмас, чунки бу муносабатлар санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатлар ўртасида олиб борилади. Қолаверса, ҳозирда халқаро санкциялар озчиликни ташкил этувчи давлатлар томонидан қўлланмоқда. Дунёнинг аксарият давлатлари сиёсий сабабларга кўра иқтисодий босимга қарши туриши маълум”, - дея қўшимча қилди Усубалиев.
Айни пайтда, лойиҳа шаклланиши бошланган ва мутахассислар тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматовнинг сўзларига кўра, янги йўналиш мазкур коридор иштирокчи давлатлари ўртасида мультимодал юк айланмасининг муқобил вариантига айланади.
“Ҳозирда лойиҳа ишлаб чиқиш босқичида. Аъзо давлатлар иштирокида юк ташиш жараёнининг тафсилотлари, аниқ йўналиш, лойиҳа қайси юк турларини қамраб олиши, қандай тариф сиёсати қўлланиши кабиларни ўрганадиган ишчи гуруҳлар тузилади”, – дейди Бекзод Холматов.

Янги йўналиш иштирокчи мамлакатларга нима беради?

“Инфратузилма мавжуд – у аллақачон ишламоқда. Лекин бу ҳали ҳам нозик бир оқим. Унинг қанчалик кенг ва катта оқимга айланиши – мураккаб савол”, – деди Бахтиёр Эргашев. “Аслида, юк оқимлари ҳажми катта бўла олмайди. Йўлак бўйлаб юк айланмасининг энг оптимистик ҳисоб-китоблари билан ҳам юк ҳажми бир неча юз минг тоннадан ошиб кетиши даргумон. Бу яқин бир- икки йил учун энг оптимистик прогнозлар. Бу унчалик катта ҳажм эмас, лекин бизнес “кулранг” импорт билан шуғулланади, чунки у юқори даромад манбаига айланди. Бизнес жиддий даромадга эга, агар сиз санкция остидаги маҳсулотларни етказиб беришга муваффақ бўлсангиз, даромад юқори бўлади. Шунинг учун бизнесни ушбу йўналишлар, коридорлар қизиқтиради. Агар бизнес манфаатдор бўлса, нима дейишларидан ва қандай қарши туришларидан қатъи назар етказиб бериш амалга оширилади”.
Экспертнинг таъкидлашича, санкциялар ва санкцияланган маҳсулотлар мавжуд экан, маълум товарларнинг юқори маржали таъминоти мавжуд бўлади ва бу йўлак истиқболга эга бўлади.
“Ассоциациямиз ушбу йўналиш устида иш олиб борди, ҳисоб-китоб қилди ва йўналиш бўйича ҳаракатланиб кўрди. Бу йўлак биз учун жуда муҳим ва мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга, чунки биз ҳам Ўзбекистон каби тўғридан-тўғри денгиз портларига чиқиш имконига эга эмасмиз. Биз бу йўналишдан яхши истиқболларни кутмоқдамиз”, — деди Халқаро юк ташувчилар уюшмаси раиси Азамат Жумабеков.
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, янги йўналишнинг ҳам ўзига хос нюанслари бор, масалан, Туркманистон орқали транзит Қирғизистон учун қиммат.
“Яқин келажакда Ҳукуматлараро комиссиялар доирасида биз Туркманистон томони билан транзит тўловларини пасайтириш бўйича музокаралар жараёнида иштирок этишни режалаштирмоқдамиз. Агар биз маълум келишувларга эришсак, у ҳолда юкнинг 70% га яқинини Жанубий йўлак орқали олиб ўтишимиз мумкин бўлади”, - дея қўшимча қилди Жумабеков.
Шунингдек, эксперт яна бир муҳим жиҳатга – юк машиналари ҳайдовчилари учун виза масаласига алоҳида урғу берди. Масалан, экспертларнинг фикрича, транзит визалар муддати ва уларнинг нархи катта аҳамиятга эга. Нархлар нуқтаи назаридан, паритет ҳар доим ҳам кузатилмайди.
“Гап шундаки, ҳозирда ҳужжатларни кўриб чиқиш учун топшириш муддати 15 кундан 40 кунгача. Виза эса фақат ярим йилга берилади. Биз муддатни 6 ойдан 12 ойга узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқчимиз. Масалан, агар Туркманистондан юк ташувчилар Қирғизистонга 50 долларга кетса, Қирғизистондан Туркманистонга бу сумма 260-280 долларни ташкил қилади”, — деди Жумабеков.
Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатлашган экспертлар бир овоздан мазкур юк ташиш жараёни тўғри йўлга қўйилса, ушбу йўналиш ривожланиш истиқболига эга, деган фикрда. Бундан ташқари, узоқ муддатли истиқболда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл участкаси қуриб битказилгандан сўнг Жанубий транспорт коридорида жараён жадаллашиб, иқтисодий ва ишбилармонлик соҳасига жиддий туртки бериши мумкин, бу эса лойиҳада иштирок этаётган мамлакатлар халқлари фаровонлигини оширишга олиб келади.