ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Ўзбекистонлик қиличбозлар Туркияда ўтган Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Туркияда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли якунланди.
“Жамоавий дастурдаги беллашувларда қизларимиз ҳам, йигитларимиз ҳам дунёнинг кучли жамоаларини мағлуб этиб, олтин медалларни қўлга киритишди”, — дейилади хабарда.
Халқаро қиличбозлик федерацияси томонидан ўз йўналишларида дунёнинг энг кучли жамоаси деб эътироф этилган йигитлар мусобақа давомида Грузия, Германия, Украина ва финалда Туркия жамоаларини мағлубиятга учратди.
Ўзбекистонлик қиличбозлар Туркияда ўтган Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритишди
© НОК
Қизлар эса Болгария, Польша ва Италия термаларига имконият қолдиришмади.
Мусобақа натижалари:
Йигитлар: Ўзбекистон (олтин), Туркия (кумуш), Руминия (бронза).
Қизлар: Ўзбекистон (олтин), Италия (кумуш), Польша (бронза).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саблячи йигитлардан иборат Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дунёда энг кучли деб эътироф этилганди.
Маълумот учун, саблячилар йил давомида ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги босқичларида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишган.