ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларининг ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 2603,9 миллиард долларга етди ва беш йил ичида 6,4 фоизга ошди. Бу ҳақда Евросиё иқтисодий иттифоқининг статистик йилномасига таяниб, Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) сайтида хабар берилди.
Ҳисоботда 2018-2022 йилларда ЕОИИ давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий натижалари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган.
Аҳоли, бандлик, турмуш даражаси, таълим, нархлар, ялпи ички маҳсулот, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, инвестициялар, қурилиш, транспорт ва алоқа, истеъмол бозори, молия бозори субъектлари, тўлов баланси, давлат молияси ва пул тизими тўғрисидаги маълумотлар шулар жумласидандир.
“ЕОИИ доимий аҳолиси 2022 йил охирига келиб 185,4 миллион кишини ташкил этди. Ҳисоботда айтилишича, ЕОИИ мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 2022-йилда 2603,9 миллиард долларга етди ва беш йил ичида 6,4 фоизга ошди”, — дейилади хабарда.
Ҳисоботга кўра, ЕОИИда саноат ишлаб чиқариши беш йил ичида 12 фоизга ўсди ва 1703,8 миллиард долларга етди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса 15,1 фоизга ошиб, 166,4 миллиард долларни ташкил қилди. Шунингдек, ушбу даврдаги асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар Иттифоққа аъзо давлатларнинг валюталарида ҳисоблаб чиқилган.
Батафсил статистик маълумотлар ЕИК Статистика департаменти саҳифасида "Статистик нашрлар" бўлимида келтирилган.